12-13 ноябрь кунлари Сицилия оролидаги, жумладан Катания ва Meссина шаҳарларида кучли ёмғирлар ёғди.
Тўхтовсиз ёғган жала ёмғирлари Катания шаҳридаги ва унинг атрофидаги инфратузилмаларга зарар етказган тошқинларни келтириб чиқарди. Шиддатли оқимлар туфайли ер ости йўллари ва турар-жойлар сув остида қолди. Кўплаб мактаблар ёпилди.
Катания провинциясининг Торре-Арчирафи соҳилидаги тошқин, кўплаб транспорт воситаларини денгизга оқизиб кетди. Тошқин баъзи машиналарни пляждан бир неча ўн метр наридаги қояларга улоқтирди, бошқаларини лой ва чиқиндилар остида қолдирди.
Тошқин машинани денгиз томон оқизиб кетди, Катания провинцияси, Италия
Ликата шаҳрида бир неча дақиқа ичида 53 мм ёмғир ёғди. Биноларнинг биринчи қаватларида яшайдиганларга ва ишлайдиганларга айниқса қийин бўлди. Кучли ёмғир транспорт ҳаракатини қийинлаштирди.
Маскали ва Ачиреале шаҳарларида кўчкилар қайд этилди. Джарре коммунасида атиги 6 соат ичида 400 мм ёмғир ёғди. Бу эса деярли бир йиллик ёғингарчилик меъёрига тенг (ноябрь ойининг ўртача меъёри — 429,3 мм).
Рекорд миқдордаги ёғингарчилик туфайли Джарре коммунасидаги кўчаларни сув босди, Катания провинцияси, Италия
10 кун ичида эса ҳар квадрат метрга 1 000 литр ёмғир ёғди ва минтақа учун тарихий аномалияга айланди.
Филиппин мисли кўрилмаган табиий офатлар билан тўқнашди — бир ойдан кам вақт ичида мамлакатга олтита тайфун келиб урди, улардан тўрттаси атиги 10 кун ичида! Бу офатлар камида 171 кишининг ҳаётига зомин бўлди, 9 миллион кишига таъсир қилди ва мамлакат иқтисодиётига катта зарар етказди.
14 ноябрь куни Филиппинда «Офель» номи билан танилган «Усаги» супертайфуни, Кагаян провинциясининг Баггао муниципалитети яқинида қирғоққа чиқди. Максимал барқарор шамоллар тезлиги соатига 175 км га, кучайганида эса соатига 240 километрга етди. Қишлоқлар сув остида қолди, электр узатиш линиялари ишдан чиқди, минглаб одамлар бошпанасиз қолди.
80 000 дан зиёд одамни эвакуация қилишга мажбур қилган аввалги «Тораджи» тайфунидан зарар кўрганлар ҳали ҳам вақтинчалик бошпаналарда бўлган бир вақтда, бу офат яна 24 000 кишини эвакуация қилинишга мажбур қилди. Кагаян провинциясининг Лусон минтақасида иккита шаҳарни боғлайдиган асосий бетон кўприк қулаб тушгани, бошқа кўприклар эса сув остида қолгани сабабли транспорт алоқаси буткул узилди. Шу сабабли қутқарувчилар одамларни эвакуация қилиш учун қайиқлардан фойдаланишди.
«Усаги» супертайфуни Кагаян провинциясидаги бетон кўприкни вайрон қилди, Лусон минтақаси, Филиппин
16 ноябрь куни кечқурун маҳаллий вақт билан соат 21:40 да яна бир супертайфун Филиппиннинг Катандуанес провинциясидаги Панганибан муниципалитетига келиб урди.
Филиппинда «Пепито» деб номланган «Ман-И» супертайфуни олиб келган шамолнинг максимал барқарор тезлигини 195 км/соатга, кучайганида эса 325 км/соатга етди. Шамол даҳшатли увиллаш билан бирга келди. Баландлиги 7 метрга етадиган тўлқинлар туфайли қирғоқ бўйидаги ҳудудлар сув остида қолди. 750 000 дан зиёд одамлар черковларда, савдо марказлари ва бошқа вақтинчалик бошпаналарда паноҳ топди. Провинция бутунлай электрсиз қолди. Маҳаллий расмийларнинг сўзларига кўра, электр тармоқларини тиклаш ишлари бир неча ой давом этиши мумкин.
«Ман-и» супертайфуни одамларни ўз уйларини тарк этиб, бошпаналарда яширинишга мажбур қилди, Филиппин
Эртаси куни тайфун Аурора провинциясидаги Дипакулао муниципалитетига келиб урди, бу ерда барқарор шамол тезлиги 185 км/соатга, кучайганида эса 305 км/соатга етди.
Нуэва-Бискайя провинциясининг Амбагио муниципалитетида кўчки тушиши натижасида етти киши халок бўлди ва уч киши турли жароҳатлар олди. Яна уч кишини қидириш ишлари давом этяпди.
Исабела провинциясининг Илаган шаҳрида, 500 га яқин уйлар сув остида қолди, кўплари томигача.
Шимолий Камаринес провинциясида кекса одам ўз мотоциклида қулаган электр узатиш линиясига чиқиб кетиб ҳалок бўлди.
Бутун мамлакат бўйлаб 8 000 га яқин уйлар вайрон бўлди ёки зарар кўрди. 100 дан зиёд шаҳарлар ва қишлоқлар электрсиз қолди.
Филиппин фуқаро авиацияси ва қирғоқ хавфсизлиги бошқармаси маълумотларига кўра, камида 26 та маҳаллий ва 2 та халқаро аэропортлар вақтинча ёпилди. Денгиздаги кучли довуллар сабабли ороллараро паром ва юк ташиш хизмати тўхтатилди. Минглаб йўловчилар қийин вазиятда қолиб кетишди.
«Ман-И» супертайфуни келтириб чиқарган кучли бўронлар ва тошқинлар туфайли транспорт алоқаси тўхтатилди, Филиппин
Бирин-кетин содир бўлаётган табиий офатлардан Филиппиннинг қишлоқ хўжалиги катта зарар кўрди. Шолипоялар экин экиш учун яроқсиз ҳолга келгани сабабли, мамлакатнинг асосий озиқ-овқати бўлган гуручни, бошқа давлатлардан кўпроқ импорт қилишга тўғри келади.
19 ноябрь куни Исроилда мисли кўрилмаган миқдорда ёғингарчилик ёғди. Зихрон-Яакове шаҳрида мамлакат тарихидаги энг кучли жала ёғди. Бу ерда атиги тўрт соат ичида мисли кўрилмаган миқдорда ёғингарчилик ёғди — 196 мм. Бу минтақадаги йиллик ёғингарчилик меъёрининг деярли 60% ни ташкил қилади. Қизиғи 159 мм ёмғир атиги 2,5 соат ичида ёғди. Исроил метеорология хизмати директори доктор Амир Гиватининг сўзларига кўра, бу миқдордаги ёғингарчилик Исроил учун янги рекорд бўлди.
Улкан миқдордаги ёғингарчилик сабабли уйларни сув босди, Исроил
Дренаж тизимлари ёғингарчиликларга тайёр бўлишига қарамай, бундай аномал ҳажмдаги сувга бардош бера олмади ва кўплаб аҳоли пунктларидаги тошқинларга сабаб бўлди. Соҳил бўйлаб Хайфа шаҳридан жанубга қараб кетадиган йўлнинг тўсилиб қолиши, минтақадаги ҳаракатни жиддий тарзда мураккаблаштирди.
Октябрь ойидаги ҳалокатли тошқинлардан ҳали ўзига келмаган Испания аҳолиси яна бир даҳшатли тошқинга дуч келди.
Испаниядаги тошқиннинг даҳшатли оқибатлари
13 ноябрь куни мамлакатнинг жанубий ва шарқий ҳудудларида бошланган кучли ёмғир туфайли минглаб одамлар эвакуация қилинишга мажбур бўлди.
Андалусия ва Каталония минтақалари айниқса катта зарар кўрди, бу ерда Испания метеорология агентлиги (АЕМЕТ) қизил огоҳлантириш даражасини эълон қилди.
Олдинги фалокатнинг даҳшатли оқибатларига дуч келган ҳукумат вакиллари, қурбонлар бўлмаслиги учун превентив тарзда барча таълим муассасаларини ёпишди, касалхоналарнинг ва тиббиёт марказларининг ишини чеклашди, электр энергияни ўчиришди, ҳамда шаҳар транспортини ва поездларини тўхтатишди.
Кучли ёмғир туфайли шаҳар кўчаларини сув босди, Испания
Maлага шаҳрида бир неча соат ичида тахминан 100 мм ёмғир ёғди, бу деярли бир ойлик ёғингарчилик меъёрига тенг (ноябрь ойининг ўртача меъёри — 100,5 мм). Ушбу ёғингарчилик сўнгги 35 йил ичидаги энг даҳшатли тошқинларга сабаб бўлди.
Maлага, Maдрид ва Барселона ўртасидаги темир йўл алоқаси тўхтатилди, баъзи автомагистраллар ёпилди.
Марбельи шаҳри соҳилида учта сув қуюни қирғоққа чиқди. Улардан бирининг кучи IF1 тоифасигача етиб, ёнилғи қуйиш шохобчасининг томини учириб юборди.
Aликанте провинциясининг Дениа шаҳрида соатига 84 километргача бўлган шамоллар қайд этилди, маҳаллий пляжларда эса денгиз тўлқинларининг баландлиги 4 метрга етди.
16 ноябрь куни бутун Сингапур бўйлаб 10 та аҳоли пуктлари учун тошқин ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди.
Ҳаммадан кўп мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисми зарар кўрди: бу ерда атиги 2 соат ичида 108,4 мм ёмғир ёғди, бу ноябрь ойидаги ўртача ойлик меъёрининг 43% ни ташкил қилади ва сўнгги 46 йил ичидаги энг юқори кунлик кўрсатгич бўлди.
Сингапур Миллий сув агентлиги (PUB) кучли жала King Albert Park номли метро бекатида кутилмаган тошқинларни келтириб чиқаргани ҳақида хабар берди. Букит — Тимах йўли тошқин сувларидан зарар кўрди.
Бошқа мамлакатлардаги ҳалокатли тайфунлар ва тошқинлар фонида, Сингапурдаги воқеа аҳамиятсиз бўлиб туюлиши мумкин.
Сингапурда тўсатдан юзага келган тошқин
Сингапур ўзининг қулай жойлашуви, ҳамда мамлакатнинг ҳар нарсага тайёр бўлган инфратузилмаси ва иқтисодиёти билан, Умумжаҳон хавф индекси энг паст бўлган бешта мамлакатлар қаторига киришини тушуниш жуда муҳим.
Деярли ярим аср ичидаги рекорд ёғингарчилик эса, тобора ортиб бораётган катаклизмлар, илгари хавфсиз деб ҳисобланган ҳудудларни ҳам хавфли қилаётганини намойиш этди.
«Сара» тропик бўрони 14 ноябрдан 15 ноябрга ўтар кечаси Гондурас ва Никарагуа чегараларида қирғоққа чиқди. У иккита мамлакатда камида 4 кишининг ҳаётига зомин бўлди.
Бўрон жуда секин ҳаракатланиб, Гондураснинг 18 та департаментининг 15 тасида узоқ муддатли ёмғирларни ва кенг кўламли тошқинларни келтириб чиқарди. Ноябрь ойининг ўртача меъёри 155 мм бўлишига қарамай, Ла-Сейба шаҳрида бир суткада 556 мм ёмғир ёғди.
«Сара» тропик бўрони сабаб бўлган кучли тошқин, Гондурас
Тегусигальпада 4 метрга кўтарилган Чолутека дарёсининг тошиши, кўприкларнинг ёпилишига ва юзлаб одамларнинг эвакуация қилинишига сабаб бўлди.
Бўрон Гондураснинг Кариб минтақасига кучли зарба берди. Натижада йўллар, кўприклар ва акведуклар вайрон бўлди ва 209 та аҳоли пункти ташқи дунёдан узилиб қолди. Бутун мамлакат бўйлаб 7 500 дан зиёд уйлар зарар кўрди ва вайрон бўлди. Кучли ёмғирлар унумдор ерларни сув остида қолдирди, қишлоқ хўжалиги ва саноат тармоқларига зиён етказди.
«Сара» тропик бўрони Гондурасдаги кўприкни вайрон қилди
Гондурас ва Никарагуадан ташқари, «Сара» тропик бўрони Коста-Рика, Белиз ва Гватемалага ҳам таъсир қилди. Бутун Марказий Aмерика бўйлаб 120 000 дан зиёд одамлар бошпанасиз қолди ёки тошқинлардан ва кўчкилар зарар кўрди.
Атлантикада довул мавсуми июнь ойида бошланиб, ноябрь ойида тугайди. NOAA Атроф-муҳит ахборотларининг Миллий марказлари берган маълумотларга кўра, одатда бу вақтга келиб довуллар фаоллиги пасаяди ва атиги беш йилда бир маротаба 3 ва ундан юқори тоифадаги кучга эга бўлган довулга айланиши мумкин бўлган битта тропик бўрон шаклланади. Аммо ушбу ноябрнинг атиги 20 кунида, AccuWeather Hurricane tracker маълумотларига кўра, бир вақтнинг ўзида иккита ҳалокатли ҳодиса содир бўлди: 14-18 ноябрь кунлари — «Сара» тропик бўрони ва 4–11 ноябрь кунлари учинчи тоифадаги «Рафаэль» бўрони. Бўронлар мавсуми эса ҳали тугагани йўқ.
NOAA Атроф-муҳит ахборотларининг Миллий марказлари берган маълумотларга кўра, Шимолий Атлантикадаги тропик бўронларнинг ўртача сони
Аномал миқдордаги ёғингарчиликнинг, ҳамда тропик бўронларнинг мисли кўрилмаган кучи ва ноодатий хатти-ҳаракатларининг сабаби, ҳаддан ташқари қизиб бораётган Жаҳон океани эканлиги энди ҳеч кимга сир эмас. 2023 йил океан юзидаги ҳарорат барча рекордларни янгилаган бўлса, 2024 йилнинг кўрсаткичлари уларни ҳам ўзиб кетди. Бундан ташқари, сўнгги 30 йил ичида океаннинг исиш темпи 450% га ошди ва нима учун бундай бўлаётгани ҳақида жиддий ташвишларни ва саволларни келтириб чиқаряпти.
Тадқиқотлар шунингдек, сўнгги 60 йил ичида океаннинг ўртача чуқурлиги аввалги 10 минг йилга нисбатан 15 маротаба тезроқ исишни бошлаганини ҳам кўрсатди. Бу жуда катта энергияни талаб қилади. Агар қуёш энергияси у ерга етиб бормаса, бундай чуқурликда у қаердан пайдо бўлади?
Олимларнинг тахминларига кўра, океан тубидаги 10 миллиондан зиёд вулқонлар, ёриқлар ва гидротермал булоқлар айнан мана шу иссиқлик манбалари бўлиши мумкин.
Океаннинг пластик билан ифлосланиши яна бир муаммога айланди. Пластик оролларнинг майдони аллақачон АҚШ ва Австралиянинг умумий майдонига тенглашди. Пластик парчаланганда сувнинг иссиқлик ўтказувчанлигини ишдан чиқаради ва натижада океан сайёрани самарали совутиш қобилиятини йўқотади.
Баъзи олимларнинг фикрича, агар океан билан боғлиқ вазият ўзгармаса, катаклизмлар ер юзидаги ҳаётни йўқ қилади. Сайёрага яхши ишлайдиган совутиш тизими керак. COP16 конференциясида «АЛЛАТРА» ХИҲ кўнгиллилари томонидан тақдим этилган «Иқлим инқирози ва океанларнинг ифлосланиши: глобал муаммолар ва ечимлар» ҳужжатли фильми ушбу муаммони батафсил ёритиб, унинг амалий ечимини тақдим этади. Бу нафақат бутун сайёрадаги иқлим офатларининг частотаси ва кучини камайтиради, балки ҳар биримизни истаган миқдорда тоза ичимлик суви билан ҳам таъминлайди.
Ушбу мақоланинг видео версиясини бу ерда кўришингиз мумкин:
Шарҳ қолдириш