Нимага биз иқлим офатлари ҳақида маълумот беришни давом этяпмиз деган саволни ўзингизга эҳтимол берган бўлишингиз мумкин. Йўқ, сизни қўрқитиш ёки канал рейтингини ошириш учун эмас.
Бу воқеаларни қайта-қайта ёритиш учун жиддийроқ сабаб бор. Бугун сиз бу ҳақида билиб оласиз.
Ушбу видеода 23 - 29 октябрь кунлари содир бўлган бир нечта жиддий офатлар ҳақида маълумот берамиз.
Испанияда бир неча кун давомида бир қатор ҳалокатли пўртаналар содир бўлиб, улар 200 дан зиёд одамларнинг ҳаётига зомин бўлди.
Табиий офат Валенсия аҳолисини ғафлатда қолдирди: одамлар биноларнинг биринчи қаватларида ва ертўлаларида қамалиб қолишган. Юзлаб одамлар томларга ва ҳатто дарахтларга чиқиб олишди! Аҳолини эвакуация қилиш учун қайиқ ва вертолётлар жалб қилинди.
25 октябрь куни «Дана» тропик циклони Ҳиндистоннинг Одиша ва Ғарбий Бенгалия штатларига келиб урди ва кучли шамолларга, шиддатли ёмғирларга ва сувнинг кўтарилишига сабаб бўлди.
Филиппинга «Трами» тўфони олиб келган кенг кўламли тошқинлардан ва кўчкилардан 7 миллиондан зиёд одамлар жабр кўрди, қурбонлар сони эса 111 нафарга етди. Деярли бир миллионга яқин одам ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлишди.
23 октябрь куни БААнинг Рас-эль-Хайма амирлигининг жанубидаги Қадра шаҳрида ноёб ҳодиса содир бўлди: бирданига кучли торнадолар юзага келиб, ҳавога чанг ва қумни кўтарди. Қуюнлар бир зумда видеоларга олинди ва ижтимоий тармоқларда сенсацияга айланди.
24 октябрь куни Янги Зеландиянинг катта қисмида даҳшатли об-ҳаво кузатилди. Милфорд-Саунд кўрфазида деярли ярим кунда тахминан 345 мм ёмғир ёғди.
Кучли ёмғирлар, кўчкилар ва қор Жанубий орол бўйлаб ўнлаб автомобиль йўлларининг ёпилишига сабаб бўлди.
23 октябрдан бошлаб пўртаналар тўлқини Жанубий Американинг бир нечта давлатларига ташланди.
Аргентинанинг марказий қисмида кучли ёмғир ёғиб, 3 та провинцияда тошқинларга сабаб бўлди.
Буэнос-Айрес шаҳрида ва унинг атрофида бир ярим соат ичида деярли 60 мм, Кордова провинциясида эса кунига 300 мм дан кўп ёғингарчилик ёғди ва октябрь ойининг ўртача меъёридан ошиб кетди.
Кучли пўртана Уругвайнинг ички ҳудудларини ҳам қамраб олди. Табиий офатдан энг кўп Пайсанду шаҳри жабр кўрди, у ерда қисқа вақт ичида шунчалар кўп ёмғир ёғганидан, шаҳар сув остига ғарқ бўлди. Довулли шамол дарахтларни қулатиб, уйларнинг томларини шикастлади.
Парагвайда бўрон туфайли 2 та департамент жиддий зарар кўрди.
Пиндои шаҳрининг атрофида дўл билан бирга кучли шамол кўтарилиб, маҳаллий аҳолининг асосий даромад манбаи бўлган қишлоқ хўжалигига катта зарар етказди. Минтақада фавқулодда ҳолат эълон қилинди.
Бразилияда пўртаналар мамлакатнинг жанубидаги ва жануби-шарқидаги олтита штатини қамраб олди.
Синимбу муниципалитетида атиги икки соат ичида 130 мм ёмғир ёғди. Дўл ва жала вилоятдаги йўлларни вайрон қилди ва экинларга зарар етказди.
Табиий офат 3 миллионга яқин одамни электр энергиясиз қолдирди.
Бу - мамлакатда ёмон об-ҳаво шароити туфайли бир ой ичида иккинчи маротаба электр энергиянинг кенг кўламли узилиши бўлди.
24 октябрь куни атмосфера босими жуда паст кўрсатгичга тушди - тахминан 995 гПа. Шуни таъкидлаш керакки, босим 1000 гПа-га тушганида, пўртана хавфи жуда юқори бўлади, бундан ҳам пастроқ кўрсатгичлар жуда ҳам кам учрайди ва одатда ўта ёмон об-ҳаво билан бирга келади.
Табиий офат 8 кишининг ўлимига сабаб бўлди, бир киши ҳамон бедарак йўқолганлар рўйхатида.
Шундай экан, нимага биз бу маълумотларни келтиряпмиз?
Бизнинг мақсадимиз одамларга содир бўлаётган воқеалар ҳақида аниқ маълумот беришдан иборат. «Глобал инқироз. Масъулият» форумини кўриб чиқсангиз, сиз содир бўлаётган воқеалар ҳақида умумий тасаввурга эга бўласиз ва келгуси бир неча йил ичида бизни нималар кутаётганини билиб оласиз.
Огоҳлик, айниқса кутилмаган вазиятларда, тайёргарликнинг биринчи босқичи.
Бундай маълумотни эшитган одам ўз минтақасида қандай иқлим таҳдидлари борлиги ҳақида суриштиради, тезкор рюкзакни тайёрлаб қўяди, ва табиий офатлар пайтида қандай ҳаракат қилиш кераклигини режалаштиради. Мисол учун, у тошқин пайтида машинани ёки бошқа нарсани сақлаб қолишга ҳаракат қилиш ўрнига, ўзининг ва яқинларининг хавфсизлиги ҳақида ўйлаши кераклигини билади. Бундан ташқари, янгиликлардаги «бу илгари ҳам содир бўлган» деган сўзлар билан ўзини тинчлантирмайди.
Ҳа, Испания илгари ҳам кучли ёмғирларни, Филиппин ва Хитой эса тайфунларни бошдан кечирган.
Аммо бундай жиддий аномалиялар илгари бир неча ўн ёки ҳатто юз йилда бир маротаба содир бўлган. Энди эса бундай ҳодисалар деярли ҳар куни кўплаб ҳудудларда содир бўляпти.
Бу эса, ҳар биримиз кутилмаган вақтда табиий офатлар таъсири остида қолишимиз мумкинлигини англатади.
Ушбу маълумотни бошқалар билан баҳам кўринг. Бу орқали сиз яқинларингизга маълум бир вазиятга тўғри тайёргарлик кўришларига ва ҳаракат қилишларига ёрдам берасиз ва эҳтимол ҳатто уларнинг ҳаётларини ҳам сақлаб қоласиз.
Шарҳ қолдириш